2002
O'zbek (kir)
384
Reyting |
— Тўхтахон, ҳой Тўхтахон, тинчимагур болангизни шамол учириб кетди-и! Ундан айрилиб қолдингиз, чопинг!
— Вой, шўрим. Энди бу кўргилик бормиди. Қани у? — Онамнинг жонсарак овозлари эшитилди.
Афтидан мени тепадан қарсиллаб синиб тушиб, бор ялангликни қоплаган ўрик шохлари орасидан қидириб топмоқчи бўлдилар шекилли, ўша томон чопдилар. Бироқ мен анча нарида — тарвақайлаб ўсиб ётган маккажўхоризор ичида, қалин брезент қатида ётар, ён қўшнимиз Холичахон хола билан онамнинг безовта, ҳаяжонли сўзларини эшитиб, бир амаллаб «тутқунлик»дан қутулишга урунардим.
Ниҳоят икковлари эгатларнинг пуштасигача босиб кетган сувни шалоплатиб кечиб, ёпирилгандай устимга келишди. Бир томонга ёнбошлаб қолган бўлиқ макка пояларининг қалин «кўрпа»си устида илжайиб типирчилаётганимни кўрган қўшнимиз ёқасини ушлади:
— Тирик, булингиз! Ё, тавба, шунча ердан қулаб, тушган жойини қаранг! Бу болани «одами» бор. Ўтган сафар ҳам бир худо асраганди, — сўнгра алоҳида оҳанг билан қўшиб қўйди, — ҳарна қилса, Нуриддин қорининг ўғиллари-да!
«Ўтган сафар» деганлари роппа-роса беш йил аввал биз мана шу «Боғ» деб атайдиган дала ҳовлимизда бўлиб ўтган ҳодиса. Мен уни яхши эслолмайман, «бир худо асрагани» ҳақида кўп гапиришади, қулоғимга қуйилиб қолган.
Шаҳар ҳовлимиздан бироз четроқда жойлашган бу «Боғ»имиз каттагина ерни эгаллаган, боғ деганича бор — анор, анжирдан тортиб, мева дарахтларининг ҳамма туридан ўсади. Ҳатто этакроқдаги алоҳида ялангликка хандалак, қовун, тарвуз ҳам экилади...