Nodira Rashidova
Мен Абдурашидхон ўғли Махмудхон қизи Рашидова Нодира 1944 йил 12 январ куни Тошкентнинг Эски шаҳар худудида жойлашган “Қози кўча” маҳалласида туғилганман.
Отам Махмудхон Рашидов (элда Ўткир Рашид номи билан танилган) тадқиқотчи олим, педагог, драматург, шоир, болалар шоири, “Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган маданият ходими”, “Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган санъат арбоби” 1916 йилда Қўқон шаҳрининг “Тавроқчилик” маҳалласида дунёга келиб, 1990 йилнинг 17 январ куни вафот этганлар.
Онам Масадиқбой ўғли Носир Ҳожи қизи Роҳатхон Қўқоннинг “Ғишт кўприк” қисмининг “Даврон” маҳалласида 1922 йилда туғилганлар. 2004 йилда вафот этганлар.
Мен 1961 йилда Тошкентдаги 150 сонли ўрта таълим мактабини тугатиб, шу йилнинг ўзида Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг рус тили ва адбиёти факультетига ўқишга кирдим ва 1966 йилда Республика рус тили ва адабиёти институтини тугатдим.
Йўлланма билан Ўзбекистон Фанлар Академясининг Тил ва адабиёт илмий текшириш институтида илмий ходим сифатида қабул қилиниб, 1968-1971 йилларда шу даргоҳнинг ўзидаги аспирантурада ўқиб, “Ўзбек шеъриятида гуманистик ғояларнинг қадимдан то ХХ асрнинг иккинчи ярмигача бўлган даврларда босиб ўтган тарихий тараққиёти” мавзусида диссертация ёздим.
1971-1972 йилларда Оққўрғон туманидаги 90- сонли мактабда рус тили ва адабиёти фани бўйича ўқитувчилик қилдим. 1072-1974 йилларда Низомий номидаги педагогика институтида ўзбек адабиёти ва рус классик адабиётлари бўйича талабаларга дарс бердим.
1974-1976 йилларда “Ўзбектелефильм” студиясига редактор лавозимига таклиф қилиндим.
1976-1978 йилларда Тошкент Давлат университетида ўқитувчилик қилдим.
Турмуш ўртоғимнинг ҳизмати бўйича Москва шаҳрига бориб яшаш кераклиги туфайли 1978-1981 йилда оилам билан у ерда яшадим.
1981-1984 йилларда Тошкент Давлат маданият институтида ишлаб, талабаларга рус, ўзбек, болалар адабиёт фанларидан дарс бердим.
1984 - 1992 йилларда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида ташкилотчи режиссер, адабий консультант, Таржима ва алоқалар Марказида бўлим мудири вазифаларида ишладим.
1992-1995 йилларни ижодий иш билан шуғулланишга бағишладим.
1995-2001 йилларда нафақага чиққунга қадар Ўзбекистон касаба уюшмаси федерациясининг органи “Ишонч” газетаси тахририятида муҳбир, консультант, сиёсий шарҳловчи вазифаларида ҳизматда бўлдим.
Бадиий ижодимнинг маҳсуллари матбуотда илк бор 1964 йилдан аввал рус тилида босила бошлади. Улар асосан шеърлар эди. Кейинроқ мен она тилимда шеърлар, достонлар битиб, ҳикоялар ёзиб, қатор мақолаларим, тадқиқотларимни газета ва журналлар, альманахларда чоп эттирдим.
1988 йилда ёзган сценарием бўйича “Қанот қоққан каптарлар” деган инсценировка, яъни радиофильм режиссер Эркин Усмонов томонидан радио тўлқинларига олиб чиқилди ва бу асар “Олтин фонд” токчасидан жой олди.
“Ёшлик баёзи”, “Умр лаҳзалари”, “Кўнгил”, “Шеъриятнинг мажнунлари бор...” шеърий тўпламлар, “Усмон Носир ҳақида” деган мақолалар тўпламини босмадан чиқардим, 2001 йилда Ўзбекистон Миллий Академик драма театри саҳнасида менинг “Усмон Носир” пьесам қўйилди.
1989 йилда Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиндим.
1970 йиллардан жамоатчилик ишларига жалб қилинганлигим туфайли халқ орасида кўп бўлардим. Ўзбекистон Республика Хотин-қизлари Қўмитаси, Тошкент шаҳар Хотин-қизлар Қўмитаси Президиумларининг аъзоси, Амир Темур номли Халқаро илмий экспедиция аъзоси, Ўзбекистон “Маҳалла” Хайрия жамоат фонди, Тошкент шаҳар бўлимига аъзолигим ижтимоий-маънавий йўналишда меҳнат қилишни талаб этарди. Бу меҳнатнинг самараси мени ўнлаб “Фаҳрий Ёрлиқлар”га эга қилди, Ўзбекистон Ресаубликаси Президенти И.А. Каримов томонидан “самарали ишлар ва ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштирок учун” “Фаҳрий Ёрлиқ”, “Ўзбекистон Мустақиллигининг 10 йиллиги” нишони билан тақдирландим. Бундан ташқари, Россиянинг Кемерово вилояти губернатори Омон Тулеевнинг “Кузбасс ва Ўзбекистон ўртасида дўстлик алоқаларнинг мустаҳкамроқ боғланишига, маданиятларимизнинг ривожига аҳамиятли ҳиссасини қўшганлиги учун” деган Қарори билан “За Веру и Добро” аталмиш Нишони билан тақдирландим.
Бу Нишонга эришишимнинг сабаби бор эди.
1986 йилнинг октябрида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раиси ёзувчи Ўлмас Умарбеков менга Россиянинг Кемерово вилоятига сафага боришни таклиф этди. Чунки бу олийжаноб инсон мен кўп йиллардан буён қатағонга учраган шоир Усмон Носирнинг ҳаёти ва босган изларини ўрганиш билан қизиқаётганимни билар эди. Бу юртга илк сафарим амалга ошди.
1987 йилнинг баҳорида Кемероволик уч нафар шоир Тошкентга ташриф буюришди. Усмон Носир туғилиб ўсган, яшаган Наманган, Қўқон шаҳарларида меҳмон бўлишди. Икки юрт ўртасида адабий ришта боғланди. Ўша йилнинг июль ойида мен шоира Мукаррама Муродова билан Кемерово шаҳрига бордик, у ерлик адабиётчилар ташкил қилган сафарга чиқиб, Мариинск районидаги Усмон Носир дафн этилган қабристон худудини зиёрат қилиб, ўзбек шоирига пўлатдан ясалган китоб шаклидаги қабртошини ўрнатдик.
1988 йилнинг июлида мен, ёзувчи Ҳожиакбар Шайхов, шоирлар Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф ва адабиётшунос Наим Каримов Мариинскдаги қабристонни зиёрат қилиб, шоир Усмон Носирни ўз қўли билан ерга қўйган кишилар, уни сиёсий маҳбуслар сақланган зонада таниган, билганлар билан учрашдик, суҳбатлашдик, шоир ҳақида анчагина маълумотларга эга бўлиб қайтдик. Бу билан менинг у юртга сафарларим тугамади. Кунларим, ойларим Кемерово шаҳрида ўтадиган бўлиб қолди. Вилоят Ички Ишлар Бошқармасининг архивида сақланаётган Усмон Носирнинг “Дело” (Тергов “Иши”) папкасидаги анча сир-асрорлари мен учун очилди.
Кемероволик, яъни Кузбасслик халқ радио, телевидение, барча матбуот саҳифалари орқали уларга танилган Усмон Носирни худди ўзларининг юртдошлари билиб қабул қилди. Вилоят Ўлкашунослик музейи, Кемерово вилояти Ҳарбий музейи Усмон Носир ҳаёти, ижоди, қисматига аталган бўлимлар ташкил этди.
Барча бу ишлардан хабардор бўлган Кемерово вилоятининг раҳбари губернатор Омон Тулеев Усмон Носирнинг вафотига 60 йил тўлгани муносабати билан юртда хотира тадбирини ўтказиб, менга Нишонни топширди.
Ўнлаб йиллар мобайнидаги изланишларим, тарихни ўрганишларим натижаси бўлиб икки жилдлик “Қисмат” деган бадиий-тарихий романим яралди. Асар ўзбек халқи бир ярим аср мустабидлик даврида бошидан ўтказган кечинмалари ҳақида. Бу китоб бўлиб чоп этилишни кутмоқда.
Ҳозирги кунда “Исповедь” деб аталган китобим рус тилида ёзилган шеърларимдан иборат бўлиб, унинг ичига мен ўзбек классик ва замондош шоирларимизнинг асарларини рус тилига таржима қилиб киритдим. “Айтилмаган Ёр-ёр” деган ҳикоялар, мемуарлардан иборат насрий тўпламимни тайёрладим. “Шоирнинг юраги” номли шеърий тўпламим ўзбек тилида битилди. Рус тилига таржима қилганим “Алишер Навоий” номли пьеса нашрга тайёр...
Поделиться с друзьями в соцсетях