Китоб қандай ўқилади?

Сайтимиздаги электрон китобларни 3 усулда ўқиш мумкин: kitobxon мобиль android-иловаси орқали, kitobxon windows-дастури орқали ёки сайтда онлайн равишда

Батафсил

Китобни қандай сотиб олиш мумкин?

Кетма-кетлик бўйича тавсия: сайтда қандай рўйхатдан ўтиш, сайтдаги шахсий ҳисобни қандай тўлдириш мумкин, керак бўлган китоб учун қандай тўловни амалга ошириш

Батафсил

Сиз муаллифмисиз?

Ҳурматли муаллифлар: Сайтимизда асарларингиз жойлаштирилишини (ёки сайтдан ўчирилишини) истасангиз биз билан шартнома тузиш учун боғланишингизни сўраймиз

Батафсил

Савол-жавоблар

Агар мен Ўзбекистонда бўлмасам, қандай қилиб китоб сотиб олишим мумкин?
Нима учун PDF-форматини юклаб ололмайман?
Интернетсиз китобни қандай ўқиш мумкин?
ва бошқа саволларингизга бизнинг жавобларимиз

Батафсил

Иззат Султон *

Иззат Султон

 

Адабиётшунос, танқидчи, драматург Иззат Отахонович Султонов 1910 йил 29 ноябрда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Иззат Султон билан қилинган мулоқот олим ва драматург фаолияти нақадар кенг қиррали эканини исботлайди. 2007 йилда эса суҳбатдош: филология фанлари доктори Ўткир Шокиров ушбу мулоқотни "Театр" журналининг 3-4-сонларида "Қақнус қўшиғи" номи остида эълон қилади. Мақолада Иззат Султон ўзининг болалик йилларини шундай эслайди:
"Мен бир етим бола эдим. Отам вақтли ўлиб кетган. Биз бешта етим болаларни онам новвойлик қилиб боқарди. Маориф ходимлари бизни етимхоналарга топширишни сўрашганда, онам рухсат бермаган. "Бу боласини боқа олмай қолипти-да", деган гап бўлиб, уят ҳисобланар эди. Бундан ташқари, етимхонага борганда чўқинтирар экан, чўчқа гўшти берар экан, деган миш-мишлар ҳам юрар эди. Бир куни кўчада юрганимда, бир одам: "Сен Отахоннинг боласимисан?", - деди. Мен "ҳа", дедим. "Юр мен сени бир жойга олиб бораман", - деди.
Мени шаҳар ҳокимининг уйига олиб борди. Бу уйда етимхона жойлашган экан. Қарасам, ҳаммаёқ оппоқ, чиройли уйлар, оппоқ кийимлар, деворларда расмлар. Мусулмон муаллимлар. Чўчқа гўштини ейишни ҳеч ким талаб қилаётгани йўқ. Кечгача ўша ерда бўлиб, "Мен уйга кетаман. Ойим хавотир олади", - дедим. Ўша одам: "Ойингга мен айтаман, эртага ўзини олиб келаман", - деди. Эртасига ойимни олиб келди. Ойим ҳам бир кун шу ерда бўлиб, мени ташлаб кетди. Ўша даврда етимхонадаги болаларни "ҳукумат боласи" дейишарди. Шундай қилиб, мен "ҳукумат боласиман", ўша даврда тарбияланган одамман..."
14 ёшида Тошкентга келган ўспирин "Намуна" номли ишчи- ёшлар мактабида ўқиб, кейин таълим-тарбия техникумини битирган (1929) ва мактабда ўқитувчилик қилган (1930). 1930- 1931 йилларда САГУ (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг ижтимоий факультетида ўқиган. Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини тугатган (1937). Аспирантурадаги ўқишини (1934-1937) журналистик, танқидчилик фаолияти билан қўшиб олиб борган. 1937 йилдан Иззат Султоннинг қизғин ижтимоий фаолияти бошланган.
Тил ва адабиёт институтининг директор ўринбосари (1937- 1942), Ўзбекистон давлат радиоэшиттириш қўмитаси раиси ўринбосари (1942- 1943), Тошкент киностудияси директори (1943-1945), Ўзбекистон ХКС раисининг маданият ишлари бўйича ўринбосари (1945-1948), Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Тил ва адабиёт институти директори (1948- 1951), бўлим мудири (1956 йилдан), Москва Давлат университетининг халқаро адабиёт кафедраси ўқитувчиси (1950-1953), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котиби (1955- 1958) лавозимларида ишлаган.
Иззат Султон ҳеч қачон илмий ва ижодий фаолиятга бефарқ бўлмади. Устози Фитрат таъсирида адабиёт назарияси бўйича мутахассис бўлган. А. Саъдий ва Фитратдан кейин "Адабиёт назарияси" (1939) мактаб дарслигини яратган. "Бургутнинг парвози" (1940) драмасини ёзган. 1980 йилда олий ўқув юртлари учун "Адабиёт назарияси" дарслигини яратган.
Иззат Султон 1947 йилда филология фанлари номзоди, 1954 йилда филология фанлари доктори илмий даражасини олган. "Навоийнинг қалб дафтари" (1969) Иззат Султон илмий ижодининг чўққиси саналади. Бу асар 1979-1985 йилларда рус тилида А. Зирин таржимасида чоп этилган.
Олимнинг мумтоз фалсафа ва адабиёт соҳасидаги билимдонлиги "Баҳоуддин Нақшбанд абадияти" (1994) монографиясида яққол кўринади. Иззат Султон салкам 40 йил давомида Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Тил ва адабиёт институтида сектор бошлиғи, маслаҳатчи сифатида фаолият кўрсатган, Ихтисослашган Илмий Кенгаш раиси бўлган. У "Ўзбек совет адабиёти тарихи очерклари" икки жилдлиги (1961-1962), "Адабиёт назарияси" икки жилдлиги (1978-1979), "Ўзбек совет танқидчилиги тарихи" икки жилдлиги (1987)нинг муаллифларидан бири, муҳаррири бўлган.
"Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби" (1964), "Ўзбекистон Фанлар Академиясининг мухбир аъзоси" (1966), "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби", Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати (1970), "Шуҳрат" медали билан мукофотланган (1992), "Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси" (1995) бўлган.
Иззат Султон 2001 йил 29 июлда вафот этган.

Академик Иззат Султон ижодида "Алишер Навоий", "Имон", "Номаълум киши", "Кўрмайин босдим тиканни", "Донишманднинг ёшлиги", "Қақнус", "Янги одамлар", "Ойдин кеча асирлигида", "Истеҳком" сингари драмалар, "Навоийнинг қалб дафтари", "Адабиёт назарияси", "Драма - адабий тур сифатида" каби фундаментал тадқиқотлар, "Буюк Алишер", "Шоир қалби", "Фидойи" номли кино асарлари, беш юзга яқин илмий-назарий мақолалар, ўзбек адабиёти тарихи ва назариясига оид ўндан зиёд монографиялар, тадқиқотлар муҳим ўрин эгаллайди. Улар Иззат Султон номини Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Зулфия, Асқад Мухтор сингари кўркам ва файзли силсила қаторига қўшади.
Вақт ўтган сари Иззат Султоннинг фанимиз ва санъатимиздаги ўрни сезилмоқда. Унинг серқирра ва сермазмун ижодининг нурли қирралари янада ёрқинроқ кўринмоқда. Иззат Султон яратган асарлар кутубхоналаримизда сақланмоқда ва адибнинг ҳаёти ва ижоди китобхонлар томонидан қизиқиш билан ўрганилмоқда.
Юқорида келтирилган маълумотлар Иззат Султоннинг олим ва драматург сифатидаги фаолияти нақадар кенг қиррали эканлигини исботлайди. Иззат Султоннинг ижодини давом эттирувчи бир қанча шогирдлари бўлиб, улар ҳозирда ҳам ўзбек адабиётига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.