Қуддус Муҳаммадий
ХХ аср ўзбек болалар адабиётининг йирик намояндаларидан бири Қуддус Муҳаммадий 1907 йили Тошкентда деҳқон оиласида дунёга келди. Ўрта мактабдан кейин қишлоқ хўжалиги билим юртида, сўнг Ўрта Осиё Давлат университетининг биология факультетида таҳсил олди.
Қуддус Муҳаммадий ижоди 30-йиллардан бошланган бўлиб, илк асарлари “Шарқ ҳақиқати” газетаси ва “Ер юзи” журналида чоп этилади. Унинг 1936–1937 йилларда яратилган “Сандал ва печка”, “Ўз-ўзини танқид” каби достонларида одамлар феъл-атворидаги, хусусан, болалар характеридаги айрим нуқсонлар беғараз ҳажв қилинади.
Қуддус Муҳаммадий 1941–1944 йилларда машҳур бахши Ислом шоирга котиблик қилиб, унинг терма ва достонларини ёзиб олиш билан машғул бўлди. Урушдан кейинги йилларда биринчи шеърий тўплами “Синов” (1947) номи билан нашр этилди. Шундан сўнг, “Ўқувчига эсдалик” (1947), “Шеър ва эртаклар” (1947), “Орзу” (1948), “Баҳор келди” (1950), “Дунёда энг кучли нима?” (1951), “Қирқ ўғил ва қиз” (1951), “Бизнинг дўстларимиз” (1952), “Сен туғилган кун” (1952), “Янги уй” (1953), “Меҳрибон дўстлар” (1953), “Қўнғизбой билан Сичқонбой” (1955), “Тугмача” (1956), “Танланган асарлар” (1957) каби ўттиздан ортиқ китоблари босилиб чиқди. Тўрт жилддан иборат “Табиат алифбоси” китоби, айниқса, “Очил дастурхон” (1970) каби халқ оғзаки ижоди анъаналари руҳидаги асарлари адибга катта шуҳрат келтирди. “Қанотли дўстлар” номли шеърий китоби 1970 йилда Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. 1977 йилда Қуддус Муҳаммадий “Ўзбекистон халқ шоири” унвони билан тақдирланди.
Поделиться с друзьями в соцсетях