Энди Сиз сотиб олган китобларингизни юклаб олишингиз шарт эмас!
Эътибор беринг: ҳозирда бизнинг сайтимизда сотиб олинган электрон китоблар 3-та усулда ўқилиши мумкин:
мобил илова орқали, Windows-илова орқали ва сайтдаги онлайн-ўқувчи орқали. Батафсил -->

Зарифбой Ибодуллаев

Зарифбой Ибодуллаев

 

Тошкент тиббиёт академияси асаб касалликлари кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Зарифбой Ибодуллаев 1965 йил 19 январда Хоразм вилоятининг Хазорасп туманида ўқитувчи оиласида таваллуд топган. У 1982 йили Тошкент Давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетига ўқишга кирди. Ушбу институтни 1988 йили “Даволаш иши” йўналиши бўйича тугатиб академик Наби Мажидов тавсиясига кўра ТошДавТИ асаб касалликлари кафедрасида қолдирилади. 1989 йили ушбу кафедранинг ўқув-илмий лабораториясига мудир этиб тайинланади. 1991 йили 2-Тошкент Давлат тиббиёт институтининг асаб касалликлари кафедрасига ассистент лавозимига ишга қабул қилинади. З.Р. Ибодуллаев 1994 йили проф. М.М. Асадуллаев илмий раҳбарлигида “Клинико-нейрофизиологические особенности доинсультных форм цереброваскулярных заболеваний при инсулиннезависимом сахарном диабете” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлайди. Ёш олим 1995 йили асаб касалликлари кафедрасининг доценти лавозимига ишга қабул қилинади. 1997-2000 йиллари янги ташкил этилган “Тиббиёт психологияси” курсига мудир этиб тайинланади. Бу даврда у тиббиёт психологияси бўйича ўқув-услубий қўлланмалар, дастурлар ва дарслик яратишга киришади. З.Р. Ибодуллаев муаллифлигида 2008 йили тайёрланган “Тиббиёт психологияси” дарслиги “Йилнинг энг яхши дарслиги” совринига сазовор бўлади ва 3 маротаба нашрдан чиқади.

З.Р. Ибодуллаев 2005 йили «Межполушарная функциональная асимметрия и нейропсихологические синдромы при церебральных инсультах, пути их коррекций» мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлайди. Унинг докторлик диссертациясида илгари сурган 2 та йирик концепцияси, яъни амбидекстларда инсульт модели ва миянинг психологик ҳимоя концепцияси хорижлик олимларда катта қизиқиш уйғотади.

2006 йили проф. З.Р. Ибодуллаев Тошкент тиббиёт акдемиясининг илмий бўлими бошлиғи этиб тайинланади. Профессор З.Р. Ибодуллаев 100 дан ошиқ илмий асарлар муаллифи. Унинг илмий раҳбарлигида неврология, нейропсихология ва тиббий психология йўналишлари бўйича диссертация ишлари тайёрланган ва тайёрланмоқда. З.Р. Ибодуллаев муаллифлигида “Асаб касалликлари” дарслиги ва врачлар учун “Инсульт ва кома” қўлланмаси нашрдан чиқди. З.Р. Ибодуллаев Республикамизда “Тиббиёт психологияси” ни ўқитиш бўйича салмоқли ишларни қилиб келмоқда. Унинг раҳбарлигида ушбу фанни ўқитиш концепцияси ишлаб чиқилди ва Давлат таълим стандарти тузилди.
З.Р. Ибодуллаевнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги меҳнатлари муносиб тақдирланиб 2014 йили “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси” унвонига сазовор бўлди.
З.Р. Ибодуллаев моҳир педагог ва амалиётчи олим. Проф. З.Р. Ибодуллаев “Неврология” ҳамда “Психология” журналлари таҳририяти аъзоси ҳамдир. Ҳозирда олим Асаб касалликлари кафедраси профессори ва “Тиббий психология” бўйича магистратура директори лавозимида фаолият кўрсатмоқда. З.Р. Ибодуллаев 3 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказмоқда.