Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА 1947 йил 17 майда Сирдарё вилояти Боёвут туманида туғилган.
Унинг дастлабки шеърлари туман газетасида эълон қилинган. «Илк муҳаббат» номли биринчи китоби 1968 йилда чоп этилган. Сўнг «Оқ олмалар», «Чаман», «Бобо қуёш», «Иссиқ қор» сингари кўплаб шеърий тўпламлари дунё юзини кўрди.
Шоира шеърларида севги-садоқат, меҳр ва мурувват туйғуларини тараннум этаркан, улар орқали ўзбек хотин-қизларининг орзу ва армонларини изҳор қилади. Ва айни пайтда лирик қаҳрамон ўй-хаёлларини, унинг ички кечинмаларини ёрқин ифодалайди. Бу билан у замондошларида аёлларга нисбатан ҳурмат ва муҳаббат ҳисларини учқунлантиришга интилади.
Шоира ижодидаги ардоқли мавзулардан яна бири Туркистон мавзусидир. У ўтли сатрларида бу мўътабар заминнинг буюк сиймоларини улуғлайди, мард, жасур ўғлонларини куйлайди.
Унинг кўплаб шеърлари хорижий тилларга таржима қилинган.