Гафур Гулом
Ғафур Ғулом 1903 йил 10 майда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1963). Тошкент шаҳрида Кўрғонтеги маҳалласидаги эски мактаб ва мадрасада, рус-тузем (1916) ва «Ҳаёт» мактабларида (1918) таҳсил олган. «Динамо», «Йигит», «Эгалари эгаллаганда», «Хитойдан лавҳалар» (1931), «Тирик қўшиқлар» (1932), «Кўкан» (1934), «Сизга» (1935), «Чашма» (1939), «Янги шеърлар», «Шеърлар» (1946), «Ўзбек элининг ғурури» (1949), «Шараф қўлёзмаси» (1950), «Танланган асарлар» (1956—59, 4 жилдли) шеърий тўплам ва достонлари, «Жўрабўза» ҳикоялар тўплами, «Мухбир суди» (1929) песаси ҳамда «Нетай» (1932), «Тирилган мурда» (1935), «Ёдгор», «Шум бола» (1938) каби қиссалар муаллифи. Асарлари асосида театр спектакллари ва кинофилмлар яратилган («Шум бола» ва бошқа). «Отелло», «Қирол Лир» цингари жаҳон ва рус адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима килган. 1966 йил 10 июлда Тошкентда вафот этган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2000).
Унинг «Гўзаллик нимада» номли илк шеъри 1923 йилда эълон қилинган.
Ғ. Ғулом ўтган асрнинг 20-30-йилларида ижодга катта шижоат билан киришиб, истеъдодининг турли қирраларини намоён қилди ва улкан адиб бўлиб шаклланди.
Унинг насрда яратган «Нетай», «Ёдгор», «Шум бола» қиссалари ўзбек адабиётининг ўлмас мулкига айланган. Айниқса, автобиографик характерга эга «Шум бола» қиссаси бу борада алоҳида қимматлидир. Миллий бўёқлар билан музайян бўлган бу асар айни пайтда умуминсоний гоя ва қарашлар билан йўғрилган.
Ғ.Ғулом Иккинчи жаҳон уруши йилларида «Сен етим эмассан», «Кузатиш» каби фалсафий шеърлари билан ўзбек шеъриятини умумбашарий даражага кўтарди.
Шоир ижодий меросида бадиий таржима катта ўрин тутади. У В.Шекспирнинг «Отелло», «Қирол Лир» трагедияларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган.
Ғафур Ғулом 1966 йил 10 июлда вафот этган.
Поделиться с друзьями в соцсетях