Нуриддин Исмоилов *
Ёзувчи Нуриддин ИСМОИЛОВ — 1969 йил 20 январда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги Авлиётепа қишлоғида туғилган.
Ўрта мактабни тугатгач, 1991 — 1997 йилларда Тошкент Давлат университетининг (Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетида таҳсил олган.
1997 — 2000 йилларда "Ҳуррият" газетасида мухбир, масъул котиб вазифаларида фаолият кўрсатган.
1998 — 1999 йилларда “ПрессТИЖ" қошидаги "Бизнес-Осиё" журналида мухбирлик қилган.
2000 — 2001 йилларда "Моҳият" газетасида бош муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлаган.
2001 йилда “Ҳордиқ плюс” газетасига асос солиб, ўзбек матбуотининг янгича ривожланишига улкан ҳисса қўшди.
Ёзувчи Нуриддин ИСМОИЛОВнинг бир қанча ҳикоя ва қиссалари матбуотда эълон қилинган. “Одамлар орасидаги одамлар” деб номланган ҳикоялар тўплами, “Ўлимга маҳкум қилинганлар”, “Миллиардерга қўйилган тузоқ”, “Бургут тоғда улғаяди” (1-, 2-китоблар), “Жаҳолат қурбонлари”, “Омонат ғор сири”, “Иблис салтанати” (1-, 2-, 3-китоблар), “Бахтнинг олис манзили”, “Мафия сардори” (1-, 2-, 3-китоблар), “Шаҳзода” номли саргузашт-детектив романлари китоб ҳолида чоп этилган. “Бургут тоғда улғаяди” (3-китоб), “Шиқир”, “Команда — 20-А” номли асарлари эса нашрга тайёрланмоқда. Юқорида номи келтирилган китобларни мутолаа қилар эканмиз, уларнинг мавзу доираси жуда кенг ва хилма-хиллиги, воқеалар тасвири жуда ҳаётийлигига гувоҳ бўламиз. Шу боис уларни қўлига олган китобхон гўё асар қаҳрамонлари билан ёнма-ён юргандек, саргузаштларни бирга бошидан кечираётгандек ҳис қилади ўзини.
Айни кунларда адибнинг барча китоблари китобхонлар ўртасида қўлма-қўл ўқилмоқда. 2005 — 2011 йиллар оралиғида “Ўлимга маҳкум қилинганлар” асарининг 5 марта (умумий адади 30 000 нусха), “Миллиардерга қўйилган тузоқ”, “Бургут тоғда улғаяди”, “Жаҳолат қурбонлари”, “Омонат ғор сири”, “Иблис салтанати”, “Бахтнинг олис манзили” китобларининг 3 марта қайта чоп этилиши ва китоб расталарида тезда сотилиб кетаётгани ҳам бунинг яққол далилидир.
Поделиться с друзьями в соцсетях