Абу Али ибн Сино
Буюк даҳо Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳасан ибн Али ибн Сино ҳижрий 370 (милодий 980) йилда Бухоронинг Афшона, ҳозирги Исфана қишлоғида туғилган. Ибн Сино 1002 йилда Бухородан чиқиб кетади, Урганч, Обивард, Насо, Нишопур, Журжон, Рай, Исфаҳон, Ҳамадон каби шаҳарларда бўлади. У 1037 йилда (ҳижрий 428) 57 ёшида Ҳамадон шаҳрида вафот этади. Мутафаккирнинг турли фанларга оид 450 дан ортиқ илмий асарлар яратганлиги маълум. Бироқ бизгача Ибн Синонинг 242 та асари етиб келган. Шулардан 4 таси адабиётга, 5 таси мусиқага, ўндан ортиғи астрономияга оид асарлардир ва ҳок.
Ибн Сино Шарқда «Шайхур-Раис», Ғарбда эса «Авиценна» номи билан машҳур. Унинг насрий асарлари араб тилида ёзилган. «Юсуф қиссаси» Қуръон сюжети асосида ёзилган биринчи асар бўлиб, рамзий-мажозий усулдадир. «Расолат — ат тайр» («Қуш рисоласи»), «Уйғоқ ўғли Тирик» («Ҳайй ибн Яқзон») каби асарлари ҳам рамзий-мажозий услубда, «Саломон ва Ибсол» эса ишқий-саргузашт асардир. Ибн Сино шоир сифатида достон, қасида, ғазал, рубоий, фардлар яратган.
Асарлари: «Китоб аш-шифо», «Донишнома», «Китоб ал-қонун фи-т-тиб» («Тиб қонунлари китоби», 5 китоб, 14 жилддан иборат бўлган), «Саломоп ва Ибсол», «Юсуф қиссаси», «Рисолат ат-тайр» («Қуш рисоласи»), «Уйғоқ ўғли Тирик», «Тиббий уржуза», «Фаан аш-шеър» («Шеър санъати», шеър илми, юнон шеъриятининг тур ва шакллари ҳақида), «Мусиқа илмида катта тўплам» ва бошқалар.
Поделиться с друзьями в соцсетях