Мухтор Худойқулов *
Таниқли ўзбек ҳажвчи ёзувчиси, масалнавис шоир ва олим Мухтор Худойқулов 1936 йил 1 ноябрда Фарғона вилоятининг Риштон туманига қарашли Жалойир қишлоғида туғилган. 1959 йилда Ўрта Осиё Давлат университетининг журналистика бўлимини тамомлаб республиканинг марказий газета ва журналлари таҳририятларида ишлаган. У кўп йиллардан бери Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультети ва Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникация университетида дарс бериб келади.
Мухтор Худойқулов ўз ижодининг бошланишида масалчи шоир сифатида танилди. Унинг “Қоя ва Харсангтош”, “Зирапча”, “Ҳангомалар”, “Соялар”, “Қирқ масал”, “Аломат дунё”, “Кўз бўлмаса пешона”, “Минг бир масал” каби масал ва ҳажвий шеърлари тўпламлари босилиб чиққан. Унинг “Тонгдаги чироқ” тўпламида эса лирик шеърлари жой олган. Ёзувчи шунингдек “Қадамларига ҳасанот”, “Ўйлаб топилмаган ҳикоялар”, “Ривоятлар ва ҳикоятлар”, “Дадам ҳақида ҳикоялар” сингари ҳикоялар, “Машҳур изқувар Шерлок Холмснинг уйида меҳмон бўлганим”, “Эверест чўққиси устида нонушта қилганим” каби саёҳат ва бошқа кўплаб насрий ва ҳажвий ҳикоялар тўпламларининг ҳам муаллифи саналади. Адибнинг болалар учун ёзган “Қувноқ алифбе”, “Саноқ сонлар суҳбати”, “Миттивойнинг ажойиб ва ғаройиб саргузаштлари”, “Китоб-офтоб”, “Синдбоднинг янги саргузаштлари” каби китоблари ёш ўқувчиларга манзур бўлган.
Мухтор Худойқулов кейинги йилларда драматургия билан шуғулланиб бир қатор саҳна асарлари ёзди. Унинг “Ибтидо ва Интиҳо” драматик диологияси, “Искандарнинг шохи”, “Шаҳрихонлик канизак” тарихий драмалари, замонавий мавзуда ёзилган “Омонёр”, “Кўксаройга йўл” драмаларида муҳим ижтимоий масалалар қаламга олинган.
Мухтор Худойқулов таржима соҳасида ҳам самарали ижод қилиб келади. У қадимги юнон масалчиси Эзопнинг масаллари, машҳур хитой файласуфи Конфуцийнинг ҳикматлари, француз масалчиси Ж. Лафонтен, рус масалчиси И.А.Крилов, ҳозирги замон рус шоири С.Михалковнинг масал ва ҳажвий шеърларини, югослав ёзувчиси Б.Нушич, грузин адиби Н.Думбадзенинг роман ва ҳикоялари, булғор халқ юмори − “Габрово латифалари”ни ўзбек тилига таржима қилган.
Серқирра ижодкор М.Худойқулов филология фанлари доктори, матбуот назарияси бўйича йирик мутахассис олим ҳамдир. Унинг “Журналистикага кириш”, “Оммавий ахборот воситалари назарияси”, “Оммавий ахборот воситалари типологияси”, “Ўзбек ҳажвий публицистикаси”, “Бадиий публицистика жанрлари”, “Журналистика ва публицистика” каби асарлари бўлажак журналистлар учун ўқув қўлланмаси ва дарслик сифатида хизмат қилади. Мухтор Худойқулов республикамиз оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган кўпгина журналистларнинг устози ҳисобланади.
Поделиться с друзьями в соцсетях