Сайтимиздан нафақат электрон, балки қоғозли китобларга ҳам буюртма беришингиз мумкин.
Буюртмангиз Ўзбекистон почтаси орқали манзилингизга етказилади. Дўкон телефони: +99871 227-12-39


Чингиз Айтматов

Чингиз Айтматов
Ҳақиқий исм ва шарифингиз:

Чингиз Тўрақулович Айтматов

 

Чингиз Айтматов (қирғ. Чынгыз Айтматов; 12-декабр, 1928 - 10-июн, 2008) Қирғизистон ёзувчиси ва элчиси бўлган. Чингиз Тўрақулович Айтматов ХХ аср қирғиз адабиётининг энг истеъдодли ва жаҳонга танилган йирик намояндаларидан бири бўлиб, у 1928 йил 12 декабрда Қирғизистоннинг Талас водийсидаги Шакар овулида туғилган. Бобоси Айтмат оға ажойиб қўбузчи, отаси Тўрақул Айтматов давлат ва жамоат арбоби, онаси татар оиласида туғилган Наима опа ўқимишли, оқила аёл эди. Чингиз дастлаб рус мактабида, кейин қирғиз мактабида ўқиди, қишлоқ шўросида котиб, солиқ йиғувчи, бригада ҳисобчиси бўлиб ишлади. У 1948 йилда Жамбул зооветеринария техникумини, 1953 йили Қирғизистон қишлоқ хўжалик институтини тамомлаган. 1956 - 1958 йилларда Москвада Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Олий адабиётчилар курсида таҳсил олди. Чингиз Айтматов болалигиданоқ бадиий адабиётга улкан меҳр қўйган бўлиб, насрий асарлар яратиш билан астойдил шуғулланади. Адиб номини илк бор халқаро миқёсда машҳур қилган, 1958 йилда ёзилиб, жаҳон халқларининг 40 дан ортиқ тилларига таржима қилинган асар «Жамила» қиссаси бўлди. «Жамила» қиссасини Луи Арагон «Муҳаббат ҳақида ёзилган жаҳондаги энг ажойиб қисса» деб атаган. Чингиз Айтматов давлат ва жамоат арбоби сифатида улкан ишларни амалга оширмоқда. У Қ. Муҳаммаджонов билан ҳамкорлиқда «Фудзиямадаги учрашув» номли драма ёзган. Чингиз Айтматов Қирғизистон халқ ёзувчиси (1968), 1995 йилдан Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси Президентидир. У Мустақил Ўзбекистоннинг «Дўстлик» (1995), «Буюк хизматлари учун» (1998) орденлари билан мукофотланган. Қирғизистон Реслубликасида Чингиз Айтматов номидаги Халқаро «Олтин медал» мукофоти таъсис этилган (1999). Чингиз Айтматовнинг асарлари 80 дан ортиқ хорижий тилларга таржима қилинган. Чингиз Айтматов «Момо ер», «Қизил дуррачали сарвқоматим» каби асарларини аввал қирғиз тилида ёзиб, сўнг ўзи рус тилига таржима қилинган. Баъзи асарлари эса, аввал рус тилида ёзилиб (масалан, «Оқ кема», «Алвидо, Гулсари») сўнг қирғиз тилига ўгирилди.