Дадахон Нурий *
Дадахон Нурий аслида ҳиндий тили бўйича мутахассис.
Тошкентдаги мусиқа билим юртида ўқиб юрган пайтларидаёқ машҳур рассом Ч. Аҳмаров, Ю. Елиназаров, А. Абдуллаевлар назарига тушиб, улардан тасвирий санъат сабоқларини олган.
Дастлабки ижод намуналарини ўқиган Абдулла Қаҳҳор “Сиз адабиёт билан кўпроқ шуғулланинг”, — дея, “Бегона” қиссасига “оқ йўл” ёзиб беради.
Шундан бери адиб буюк устоз олдидаги бурчини сидқидилдан адо этиб келмоқда. Айниқса, у ёшлар орасида катта қизиқиш уйғотган қатор лирик қиссалари; академик М. Қўшжонов “Гоголона” дея баҳо берган “Подшоҳимнинг кўнгилхушлиги”, “Акахоним — Бош вазир” бадиа-эссе китоблар; пойтахт Тошкентнинг экологик ҳамда дендрологик муаммоларига бағишланган, шунингдек Бўстонлиқ ҳақидаги: “Дунёни титратиб турган СССР деган мамлакат Ҳарбий Вазири билан олишиб, қутурган буқанинг думига челак боғланишига сабаб бўлган” (О. Шарофиддинов) кўпдан-кўп “жанговар” публицистик мақолалар муаллифидир.
Адибнинг Ҳиндистон, Покистон, Шри-Ланка мамлакатлари бўйлаб қилган саёҳатлари ҳақида “Сафарнома” мавзуидаги китоблари, “Осмон устуни”, “Шаҳар тегирмони”, “Қулатилган чинорлар паноҳи”, “Ниқобсиз Америка ва бошқа манзилгоҳлар” (Қиёмат қўнғироқлари), “Олисдаги дала-боғ” сингари бадиий ҳамда маърифий-ахлоқий романлари ўқувчилар томонидан қизиқиб мутоала қилинмоқда.
Асарлари ҳиндий, урду, инглиз, қозоқ, рус, корейс ва турк тилларига таржима қилинган...
Поделиться с друзьями в соцсетях